© Русколань

Смартфонмания — худбинлик гирдоби …

“Технологиялар оддий инсоний мулоқотдан устун келадиган кун келиши муқаррар эканлигидан қўрқаман. Ўшанда инсоният овсарлар авлодига эга бўлади”, деган эди олим Альберт Эйнштейн.
Смартфонга муккасидан кетиш “технологик парадокс”га ёрқин мисол. Замонавий алоқа воситаси бизга 20 йил аввалдаги каби, ишларни жойига бориб эмас, масофадан туриб ҳам ҳал қилиш имконини беради. Бироқ, шу билан бирга, улар бизни турли йўллар билан қарамликда ҳам ушлаб туришади. Натижада, биз 20 йил аввал бирор масалани жойида ҳал қилган одамдан ҳам кўпроқ вақт йўқотамиз.
Бир кунда смартфонни неча маротаба текшириб кўрасиз? 
Сўнгги тадқиқотга кўра, бугун кўпчилик ёшлар ҳар 6–7 минут оралиғида бир маротаба, ёки кун давомида 150 маротаба смартфонга кў югуртиришар экан. Бошқа бир тадқиқотда эса бу кўрсаткич 300 мартагача кўтарилган. 
Айниқса, ёшлар смартфондан фойдаланишга муккасидан кетганлар: сўров ўтказилганда 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг 53 фоизи улар смартфондан кўра ўзларининг дид ва идрокларидан осонлик билан воз кечишлари мумкинлигини тан олишган. Яъни, бу кабилар ўзларининг мақсадларига ҳам иккинчи даражали деб қарашлари, смартфонни титкилаш улар учун энг муҳим кундалик фаолият эканини англатади. 
Юқоридаги далил ва натижалар бугунги авлоднинг “смартфонмания” хасталигига чалинаётганини кўрсатади. 20-асрда, ишлаб чиқариш ва кийим-кечак саноати авжига чиққан бир пайтда ғарб давлатлари фуқаролари феъл-атворида харид қилишга ўчлик руҳий хасталиги авж олади. Натидажа, бўлар-бўлмас кийимларни кийиш оддий ҳолга айланган. 
Бугун ҳам смартфон туфайли мулоҳазадан воз кечишини тан олаётган авлоднинг 80 фоизи машина бошқараётиб смартфонга назар солишдан ўзини тия олмаслиги оқибатида ҳар йил 6 минг нафар одам ҳаётдан кўз юмади ва 9 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги зарар кўрилмоқда. Шундан кўриниб турибдики, ишлар пачава. 
Мактаб ўқувчисининг қўлидаги смартфон унинг диққатини ўғирлаётгани, смартфон боис аудиторияда маза қилиб дарс ўтаётган профессорнинг диққати бўлиниши, талабанинг дарс қилиш ўрнига смартфонида кўчадаги қандайдир виртуал махлуқни тутиш зарур бўлган электрон ўйинни ўйнаб юриши, юксак салоҳиятли ходимнинг вақтини мессенжерларда сарфлаши, ота-онанинг боласига ажратиши керак бўлган эътиборининг виртуал “дўст”ларга сарфланиши оқибатида юзага келаётган зарарни қайси иқтисодий меъёр ёки ўлчамларда ҳисоблаш мумкин? 
Смартфон қарамлиги фойдаланувчи шахсияти билан ҳисоблашади, албатта. Ўз навбатида, смартфон инсон ичидаги руҳий-маънавий мойилликларни қўзғаб, унинг шахсиятига ҳам таъсир ўтказмоқда. 
Смартфон эпидемиясининг тарқалиш суръатига диққатингизни қаратмоқчиман. 2014 йилда ўтказилган тадқиқотларда коллеж ўқувчилари кундалик 8 соат 48 дақиқасини смартфон экрани қаршисида сарфлаган. 
Энди эътибор беринг, ўтказилган сўровларга кўра, 79 фоиз смартфон фойдаланувчиси тонгда уйғониши билан 15 дақиқанинг ичида ўзининг телефон аппаратига назар солишга улгуради, 68 фоиз фойдаланучи смартфон билан бирга ухлаб қолади, 67 фоиз фойдаланувчи эса телефони жирингламаса ёки бирор хабар келмаса ҳам, уни текшириб кўради. Энг даҳшатли далил шуки, 46 фоиз смартфон фойдаланувчиси бу қурилмасиз ўз ҳаётини тасаввур қила олмас экан.
Смартфондан фойдаланиш вақти ошиб боргани сайин инсондаги диққат доираси қисқариб боради. 2015 йилда Microsoft ўтказган тадқиқотларда шу маълум бўлдики, бугунги одамларнинг диққат-эътибори 8.25 секунд давом этар экан. Яъни, бирор нимага камида 9 сония эътибор қиладиган балиқникидан ҳам кам. Бу эса 2000-йиллардагидан 4 секундга кам. Инсонларнинг диққат-эътиборининг ҳаёти қисқариб боргани сайин мулоҳаза жараёни ҳам қисқариб қолади.
Нима деб ўйлайсиз, бизнинг жонли мулоқотимиз батамом виртуал оламга кўчса, бу яна қандай ижтимоий, маънавий, жисмоний ва ҳиссий муаммоларни юзага келтиради? Фикрларингизни ўртоқлашинг.

https://www.facebook.com/Akhmatovich

Show your support

Clapping shows how much you appreciated Alisher Akhmatovich’s story.