Олисдаги манзиллар
* * *
Уйимизда бўлган қурилишни эслайман. Уйнинг поли ҳали битмаган, ичкарида отам раҳматли (дадамнинг дадалари) деворга сувоқ қилаётганди. Арава юриши учун ғилдиракка мос ингичка бир тахта қўйилган ерга. Мен ўшанинг устига чиқиб, қўлим билан деворни ушлаганча секин юриб борганим эсимда. Шуни уйдагиларга айтиб берсам, бўлиши мумкин эмас, сен у пайт бир ярим ёш бўлгансан дейишади…
* * *
Уч ёшга етганимда катта акам мактабнинг 1-синфига, мен ва мендан бир ёш катта акам эса боғчага борадиган бўлдик. Онам катта акамни кийинтираётиб, “У энди мактабда китоб ўқийди”, деди. “Биз ҳам боғчада китоб ўқиймизми?” деб сўрадим онамдан. “Йўқ, боғчада фақат ўйин бўлади, китоб ўқимайсизлар”, - деди онам. Ўшанда буни эшитиб роса хафа бўлган эдим…
* * *
Боғчага борган биринчи куним кечагидек эсимда. Дадам, онам, мен ва ўртанча акам ҳаммамиз бирга бордик. Нимадир бўлди-ю, иккаламиздан фақат биттамизни олиб қоладиган бўлишди. Шунда ота-онам акамни олиб, мени ташлаб кетишга қарор қилишди. Боғчага боришга рози бўлиб, хурсанд бўлиб келгандим, аммо акамнинг кетишини эшитиб, ерга думалаб ётганча дод солиб йиғладим. Аммо бу иш бермади, мени боғчада олиб қолишди…
* * *
Кейинроқ акам ҳам боғчага қатнай бошлади. Бир куни туман марказидан боғчамизга текширишга комиссия келди. Ҳамма болаларни йиғиб, “Ораларингизда ким кўп ширинлик ва овқат ейди?”, деб сўрашди. Мен энди оғиз очиб, кимлар кўп ейишини айтмоқчи бўлгандим, Салим ва Аҳад мендан кўра эпчилроқ чиқиб қолди. “Фалон, фалонлар биздан кўп ейди”, дейишди улар. Тилга олинган болалар боғча тарбиячиларининг фарзандлари эди. Текширувчилар бундай қилманглар, яхши эмас, деб тарбиячи опаларга оғзаки танбеҳ бергани эсимда. Лекин танбеҳнинг даҳшатлиси улар кетгандан кейин бўлди. Тарбиячилар Аҳад билан Салимни ўрталарига олишиб, шунақанги сўкиб кетишдики (уришди ҳам, шекилли), мен оғиз очмаганим учун Худога минг шукрлар айтдим. Аммо нега уришганини ўша пайт тушунмаган эдим. Бечора Салим бўйнини эгиб мум тишлаб ўтиргани, бурнидан сувлари оқиб кетгани ҳозиргача эсимда…
* * *
Катта гуруҳлар чиқиб кетгач, боғчада мен биринчи “кузор” (ҳаммадан қўрқмайдигани) бўлиб олдим. Иккинчимиз Баҳром деган кўк кўз бола эди. Шу бола у-бу кимни урса, болалар менинг олдимга шикоят қилиб келишарди. Мен жаҳлим чиқиб Баҳромнинг таъзирини бериш учун олдига борсам, у ҳар хил қилиқлар кўрсатиб, мени кулдириб жазодан қутилиб қоларди.
Бир куни Баҳромни боғчадан олиб кетиш учун акаси келди. У Баҳромни велосипедининг орқасига ўтқазиб, тез юриб кетди. Биз болалар бақир-чақир қилиб унинг орқасидан эргашдик. Шунчаки, ўйнаб югурганимиз аниқ эсимда. Лекин мен Баҳромга яқинлашганимни биламан, у ортига ўгирилиб, юзимга шунақанги қаттиқ тарсаки туширдики… Дастлаб ғазабдан кўзимдан ўт чақнади. Югурдим, аммо унга ета олмадим, велосипедда тез кетиб қолди. Кейин аламимдан йиғлаб юбордим. . . Эртага келса, пачоғини чиқараман, деб ўзимга сўз бердим.
Тонг отди. Баҳромни ураман, деган катта ният билан эрта саҳарда боғчага жўнадим. Борсам ҳеч ким келмаган ҳали. Кутилмаганда Баҳром ҳам жуда эрта келди. У мени кўрди-ю, ҳеч бир гап айтмасдан югурганча келиб, мен билан урушиб кетди. Унинг жасоратига қойил қолдим. Нарироқда акаси пойлаб турганига, шунинг учун қўрқмасдан менга ташланаётганига ишончим комил эди. “Аканг бор, урушмайман”, дедим. “Қани акам? Ҳеч ким йўқ”, - деди. Дарҳақиқат, ҳеч ким кўринмасди. Ростдан ҳам акаси йўқ экан. Аммо акаси бор, деган ҳадик борлиги учун у билан ўша куни уруша олмадим. Шу тариқа, Баҳром мени қўрқитиб олди. У биринчи “кузор”га айланди, мен иккинчига. Мактабда ҳам у билан синфдош бўлдик. Мактабни битиргунимизча у биринчи бўлди, мен эса иккинчи…
* * *
Иккала акам ҳам бу пайт мактабга боришарди. Дарс қилишларини, китобларини кузатиб ўтирардим. Бир куни ўртанча акам мактабдан барча ҳарфлар тўлиқ ёзилган бир жадвал олиб келди. Қарасам, иккита ҳарфни танимас эканман, улар “Ж” ва “Ш” ҳарфлари эди. Акамдан уларни сўраб ўрганиб олдим. Кейин ўзим китоб ўқийдиган бўлдим. Боғчада тарбиячиларимиз деворларга, боғча биноси пештоқига ёзилган ёзувларни менга ўқиттиришарди…
* * *
Биринчи синфнинг биринчи куни мен мактабга қўшним, тенгдошим Давлат (у билан синфдош бўлдим) ва унинг онаси билан бордим. Бизнинг уйдан ҳеч ким бормаганига хафа бўлганим эсимда. Мактаб ҳовлисига кирсак, ёши анча улуғ кўзойнакли бир эркак ўқитувчи, “1-синф ўқувчилари, менинг ортимдан синфхонага киринглар”, - деб бақиряпти. Мен ҳам 1-синфман-ку, бизни чақиришяпти, шекилли, деб ортидан кирдим. У журналга қараб, бирин-кетин ҳамманинг исм-фамилиясини ўқий бошлади. Ҳамманики чиқди, лекин меники чиқмади. “Кимнинг фамилияси чиқмади?” деб сўради домла. “Меники”, дедим. “Сен нариги синфда бўлсанг керак, бу “А” синф, деди у. Шу пайт эшик очилиб, “Беҳзод, бу ерда нима қиляпсан, чиқ бу ёққа”, - деб қўшним Давлат чақириб қолди. Кейин билсам, олдиндан рўйхати тузилган 1-“А” синфига кириб олган эканман. Мен эса 1-“Б” синфига тушдим.
* * *
Бошланғич синф ўқитувчимиз Воҳид ака деган одам эди. Жуда тартибли, қаттиққўл одам бўлган. Кейинроқ у қанақадир хасталик билан оғриб, бевақт қазо қилди. Шундан сўнг бутун бир синфни даволаниш учун бир жойга жўнатадиган бўлишди. 2 ёки 3-синф эдик. Ҳаммамизни битта автобусга йиғишиб, Олтиариқ туманининг “Файзобод” деган қишлоғида жойлашган катта боғнинг ичидаги бир санаторийга олиб боришди. У ерда ҳар хил синфдаги болалар яшаб ўқишар экан. Ўқиш пайти бўлгани учун дарсларни шу ерда давом эттирадиган бўлдик. Санаторийда бир ой ёки икки ой турганмиз, лекин хотирамда худди биз бир неча йил яшагандек туюлади. Бинодан ташқарига чиққанда бутун синф икки қатор бўлиб, бир-биримизнинг қўлимизни ушлаб юрар эдик. Биринчи қаторда ўғил болалар, иккинчисида қизлар. Мендан битта олдинда синфдошим кўк кўз Баҳром турарди. У билан қўл ушлашиб юрадиган қиз чиройли эди. Менинг олдимдагиси эса бунинг акси. Баҳром билан ўша қизни талашганмиз…
Соғинч азобининг нима эканини шу ерда билганман. Баъзан тарбиячилар келиб менга, анови ўртоғинг йиғлаяпти, кириб юпат, дейишарди. Борсам, синфдошим Тоҳир ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ўтирибди. Уйини соғинган бечора. “Нега йиғлаяпсан?” – деб сўрайман ундан. У менга бир оғиз ҳам гапирмайди. Мен ҳам ўзимни аранг тутиб турибман. Лекин мен йиғламадим…
* * *
3-синфда синфимизга бошқа қишлоқдан Гулмира деган қиз келди. Стадионда жисмоний тарбия дарсида қувлашмачоққа ўхшаган бир ўйин ўйнаётган эдик. Ўртага чиқиб қувиш навбати менга келди. Кимга қўлим тегса, у ўртага чиқиши керак эди. Гулмирани ушлайман деб югуриб олдига борган эдим, қўлимга шапкаси кириб қолди. Шапкаси ечилди-ю, узун, қоп-қора сочлари ёйилиб кетди. Уни севиб қолдим…
* * *
Адашмасам, 5-синфда “Одобнома” дарсидан нонни эъзозлаш мавзусини ўтдик. Дарснинг ярмига етганда, энди нон ҳақида шеър ёзинглар, деб ўқитувчимиз ташқарига чиқиб кетди. Шеър ёзаман, деб калламни ҳар қанча ишлатмай, дафтаримга бир қатор ҳам ёза олмадим. Қарасам, бошқа болалар аллақачон варақларни тўлдириб ташлашибди. Шу куни уйга қайтгач, кечқурун “Нон” деб номланган узундан узоқ шеър ёздим. Биринчи тўрт қатори ҳалигача эсимда:
Тандир тўла иссиқ нон
Ҳиди анқийди ҳамон.
Нонларни исроф қилиш
Одати жуда ёмон…
* * *
Шундан кейин шеър ёзадиган одат чиқардим. Аммо бировга кўрсатишга уялар эдим. Бир куни дадам буларни адабиёт муаллимингга кўрсат, деб қолдилар. Эртасига дарсдан сўнг минг бир истиҳола билан шеър дафтаримни она тили ва дабиётдан дарс берувчи Азим домлага узатдим. Майли, кўриб, фикрларимни айтаман, деб олиб қолди.
Ўқиб нима деркан, деган ўй билан кун бўйи юрагим “дук-дук” қилиб юрди. Кечки пайт кўчага чиқсам, синфдошим Жамила олдимга келяпти. “Домлага шеърларингни берганмидинг? Мендан бериб юборди”, - деди у. “Нега”, - десам, “Домла ишдан бўшабди, бошқа келмас экан, шунинг учун дафтарингни мендан бериб юборди”, - деди Жамила. Ҳафсалам пир бўлиб, бўшашиб кетдим…
* * *
Мактабимизга Раҳим ака директор бўлгач, менга алоҳида эътибор бериб, сен шоирларнинг конкурсига боришинг керак, деди. Шеърларимни машинкадан чиқартириб, китобча қилиб берди. Шу тариқа тумандаги ёш ижодкорлар, кейинроқ вилоят ижодкорлар салётларида қатнашадиган бўлдим. Катта-катта шоирлар билан танишдим. Бир куни уйимизга Жаҳонгир келди. У ҳам мен тенгқур ёш шоир эди. Туман марказида бўлган тадбирлардан бирида танишган эдик. Ҳатто китоби ҳам чиққан. Бу эса мен учун у пайтлар ушалмас орзу эди.
У мени уйига меҳмонга таклиф қилиш учун келганини айтди. Бошим кўкка етиб, оёғимни қўлимга олиб унинг ортидан эргашдим. Бизинг тепадаги қишлоқда унинг қариндоши бор экан, шуларнинг олдига келган экан у. Хуллас, шу куни кечқурун Жаҳонгирнинг қишлоғи Вохимга (бизнинг қишлоқдан бир неча чақирим узоқда) кетдик. У ерда ётиб қоладиган бўлдим. Уйларига кириб борганимизда, Жаҳонгиринг дадаси ва яна бир нечта эркак телевизор кўриб ўтиришган экан. Мен ва Жаҳонгир бирин-кетин саломлашиб, ҳамма билан кўришиб чиқдик. Ўтирганлар орасида туманимизнинг донгдор шоири Ғ. Ф. ҳам бор еди. У мени танирди, лекин саломимга алик олгандек ҳам бўлмади, юзи негадир қип-қизил . Ўша ердагилардан бири тўсатдан, “Тез-тез ташқарига чиқинглар” деб қолди. Кейин билсам, улар секс-кассета кўриб ўтиришган экан…
* * *
8-синфни битириб ёзги таътилга чиқдик. Кўчамизда турсам, синфдошим Давлат қўлида битта газета кўтариб келяпти. Унинг дадаси почтальон эди. “Шеъринг чиқибди”, дейди илжайиб. Қўлига қарасам, “Тонг юлдузи”. Шоша-пиша очиб қарадим. “Ёз” деган шеърим. Тагида исм-шарифим, мактабим номи ва синфим ёзилган. Ҳатто расмимни ҳам беришибди. Шунақанги хурсанд бўлдимки, шунақанги хурсанд бўлдимки, йиллар ўтиб марказий нашрларда саҳифа-саҳифа мақолаларим босилди, лекин ҳеч ўша пайтдагидек қувонмаганман. Бу менинг матбуотда чиққан илк асарим эди…
* * *
Тумандаги учрашувлардан бирида А. Қ исмли шоир туман марказида 1-лицей борлигини, ўша ерга ўқишга таклиф қилишини айтиб қолди. Хурсандликдан бошим осмонга етиб, бу хабарни келиб ота-онамга айтдим. Улар ҳам рози бўлишди. Хуллас, она тили, математика ва немис тилидан имтиҳон топшириб, туманимиздаги 1-лицейга мен ва маҳалламдаги яна бир тенгдошим Фароҳиддин (у бошқа мактабда ўқирди) қабул қилиндик. Кейин билсам, биз ўқишга қабул қилинган куни дадам ва Фароҳиддиннинг амакиси А. Қ. га чойхонада катта зиёфат қилиб беришибди. У жуда кўп ичадиган одам эканини кейинроқ билдим. Ўша куни тўлашга ҳатто дадамнинг пули етмай қолибди. Фароҳиддиннинг амакаси шу нарсани кўп юзимга солиб юрди, дадамнинг ўрнига ҳам ўзи тўлаганини…
* * *
Лицейда ўзбек тили ва адабиётидан фан олимпиадаларида қатнашдим. Бир йили туманда 1-ўринни олдим, аниқроғи, менга беришга мажбур бўлишди. Аслида, дастлабки натижага кўра, менга иккинчи ўрин берилган эди. Биз туман халқ таълими бўлимига шикоят қилдик. Мен ва 1-ўринни олган қизни қайта синаб кўришмоқчи бўлишди. Эртасига лицейдаги ўқитувчим Саёҳат опа билан районога бордик. Битта хонага у қиз ва мени ўтқазишиб, янги тест беришди. Мен у қиздан кўпроқ ечдим. Кейин очиқ саволлар ёзилган билет берилди. “Буюк Темур” романини ким ёзган, деган савол ҳам бор эди. Бахтимга, мен бу романни ўқиган эдим. Жавобни дарҳол ёздим. Бу орада хонага ҳар хил одамлар иш билан кириб-чиқиб юришарди. Кирганлардан бири анови қизнинг олдига келиб, “Буни Евгений Березиков ёзган” деб пичирлаб чиқиб кетди. Мен буни эшитдим. Қиз уни яхши эшитмаган экан, Березиковни Берёзов деб ёзибди. Хуллас, менга биринчиликни олиб беришди. У қиз хонадан йиғлаб чиқиб кетди…
* * *
Шаҳри азим Тошкентга илк ташрифим абитуриент сифатида ҳужжатларни топшириш учун келганимда бўлди. Холамнинг ўғли Муслим ва лицейдаги синфдошим Зоир билан бирга келдим. Мен халқаро журналистика факультетига ҳужжат топширдим. Муслим миллий журналистикага, синфдошим эса Жаҳон тилларининг инглиз тили филологиясига. Дастлаб иншо ёздик. Менимча, ёмон чиқмади, шекилли, 77 баллдан 70 қўйишибди. Кейин суҳбат бўлди. Бу пайт қўлимда “Фарғона”да нашр этилган кичкина шеърий китобим ҳам бор эди. Суҳбат учун кирсам, давранинг марказида Акбар ака Нурматов ўтирибди. “Шеър китобинг чиққанми? Бўпти, чиқавер, баҳоинг 31”, деб битта ҳам савол сўрамасдан чиқариб юборди. Ўша пайтда суҳбат учун максимум балл 33 эди. Шу сахийлик сабабиданми, мандат куни келиб қарасам, бюджетга 8-ўринда кирибман…
* * *
Ҳозир Америкадаман, иккита болам бор. Ёшим анча улғайган, лекин бу ерда қораланган болалик воқеалари худди кеча рўй бергандек, хотирамда янги. Ҳеч қачон катта бўлмайдигандек, бола бўлиб юрган пайтларимга қайтгим келади баъзан.
Бу қайдларга бирор хулоса ясамоқчи эмасман. Улар, шунчаки, босиб ўтган йўлимнинг олисда қолган айрим манзиллари, холос. Одам кексайган сари хотираси заифлашади. Мен эса бу хотираларимни эсдан чиқаришни истамайман. Шу мақсадда кундалик ҳам тутганман. Сизга ҳам тавсия қиламан, хотираларингизни ёзиб боринг.