© Behzod

Буюрганники эмас, югурганники

Ёхуд эски мақолнинг янгича талқини

Одам зоти ҳурматталаб бўлади. Зотан, у шунга арзийди. Чунки у ҳайвон эмас; ақл-идроки, фаросати билан бошқа махлуқлардан нафақат ажралиб туради, балки анча юқори поғонада туради.

Шаън, қадр-қиммат ҳар бир инсон ўзлигига хос бир белги, энг кўп ардоқланадиган бойлик. Шаъннинг топталиши эр киши кўтара олмайдиган мусибат экани шундан. Бежизга инсон ҳуқуқларининг бузилиши энг катта муаммо сифатида дунёга жар солинмайди.

Давлатлар одамларни назорат қилиш учун эмас, ҳимоя қилиш учун бунёд этилган. Қонунларга ҳам барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминловчи механизм сифатида қараш керак. Қонундан қўрқиш керак эмас, у билан қуролланиш керак. Шунда сиз ҳуқуқингиз топталганда, қонун асосида уни ҳимоя қилишни ўрганасиз…

Мустақил журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг яқинда ўз шахсий блогида эълон қилган бир мақоласи ўзбек интернет ўқувчилари орасида ўзига хос овоза бўлди. Муаллифнинг ёзишича, у коллежда ўқийдиган набирасини мажбурий пахта теримига чиқишдан сақлаб қолган. Пул бериш орқали эмас, балки 15 яшар боланинг пахтага олиб чиқилиши ноқонуний экани ҳақидаги қонунни кўрсатгани учун…

Пахта — Ўзбекистоннинг миллий бойлиги. Давлат ялпи ички маҳсулотининг чорак қисмини эгалловчи қишлоқ хўжалигида пахта етиштириш салмоқли ўрин тутади. Уни нест-нобуд қилмасдан ўз вақтида йиғиштириб олиш терим мавсумида давлат эътиборидаги муҳим вазифага айланади. Ҳар йили олий ўқув юртлари талабаларидан тортиб, давлат идоралари ходимларигача пахта даласига олиб чиқилиши боиси шунда.

Тошпўлат ака амалга оширган ишни бу ерда бежиз тилга олмадик. Арзимасдек кўринадиган, лекин ўз ўрнида жасоратли бўлган бу ҳаракат Ўзбекистонда қонунлар борлигини ва ҳақ-ҳуқуқини таниган одам улардан самарали фойдаланаётганини кўрсатади. Ҳатто халқаро ҳамжамиятнинг энг кўп танқидига дучор бўлган масала — фуқароларнинг пахта далаларида мажбурий меҳнатга жалб этилиши мавзусида ҳам қонуний меъёрлар бор экан ва уларнинг амалга татбиқ этилаётганини Тошпўлат ака мисолида кўриб қувондик.

Бу иш ҳаммамизга ибрат бўлиши керак. Барча фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларига доир қонун нормаларини ўрганиб, ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда тегишли чоралар кўрилишини талаб эта олиши керак.

Бундан ҳукумат ҳам манфаатдор. Чунки фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқини қанчалик яхши билса, жамиятда коррупция, порахўрлик каби иллатлар шунчалик камаяди. Натижада ҳукуматнинг иши ҳам осонлашади, халқ ҳаёти янада фаровонлашади.

Ҳуқуқий саводхонликни оширишда фуқароларга кўмак беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган хайрли ташкилотлар бор. Масалан, “Ташаббус” гуруҳи бу борада пешқадамлардан. Гуруҳ Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамияти қурилиши жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган. Ташкилот бепул ҳуқуқий маслаҳатлар тақдим этиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган хайрли лойиҳаларни амалга оширади.

Масалан, “Долзарб мавзу” рукни остида чоп этилган мақолаларда пахта терими ва мажбурий меҳнатга оид Ўзбекистон қонунчилиги кенг таҳлил этилган ва мажбурий меҳнат қурбони бўлган фуқароларга бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг қонуний йўл-йўриқлари тушунтирилган. Сайтнинг “Савол-жавоблар” бўлимидан эса фуқаролардан келган ҳуқуқий саволларга берилган жавоблар ўрин олган.

Ташкилотнинг мақсади — ҳар бир фуқарони ўз шаъни, қадр-қимматини қонун йўли билан ҳимоя қилишга ўргатиш. Шунга биз — оддий фуқаролар эриша олсак, давлат ҳам, халқ ҳам миннатдор бўлади. Аммо бунинг учун ҳар биримиздан икки ҳаракат талаб этилади:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан бошлаб, барча қонуний ҳақ-ҳуқуқларимизни ва мажбуриятларимизни ўрганишимиз керак. Иккинчидан эса, фурсати келганда, Тошпўлат Раҳматуллаевдек ўз ҳуқуқларимизни талаб қила олишимиз керак.

Чунки ҳақни таниш буюрганники эмас, югурганники бўлади.