Чингиз Айтматов — икки халқнинг дўстлик риштаси

Тонг саҳарлаб ўқитувчилар ва ўқувчилар жамоасидан ташкил топган бир гуруҳ вакиллар Талас вилоятининг Қора-Буура туманидаги Ч.Айтматов номли мактаб жамоасининг таклифи билан сафарга чиқдик.

Баҳор фаслининг тонг шабадаси юзларимизга урилар, узоқ-узоқлардан илк чечакларнинг хушбўй исини димоққа урар эди. Совуқ қишдан сўнг илиқликни, янгиланишни, табиат уйғонишини соғинган қалблар қаёққадир ҳаёлимни олиб кетар, ўзимни гўзаллик оламида сезар эдим. Автобусимиз текис йулда баҳор елларидай учарди.

Машина ичида бир оз жимлик ҳукмронлик қилди. Кимдир мудроқ отиб ухламоқда, кимдир гўзал табиат манзараларини суратга олмоқда. Катта ўқитувчиларимиз, биз ўқувчиларга, сафаримизнинг мақсадларини, меҳмонда ўзимизни қандай тутишимизни маслаҳат берарди. Мен бўлсам ҳамон ҳаёлларим оғушидаман, яқин келган қорли тоғларни, онда-сонда якка юрган отли чўпонни, осмонўпар булутларнинг сузишини кузатиб кетмоқдаман. Қизиқ, бир йўлда ҳам қишни, ҳам баҳорни кўрдим. Табиат мўъжизасидан ҳайратланмай бўладими… Ҳали қор ёғади, ҳали ёмғир, яна бирданига чарақлаб қуёш кулиб боқади.

1

Манзилга етиб боряпмиз. Ҳамма ҳаяжонда. Ахир ҳеч ким бир-бирини танимайди, ҳатто кўришмаган хам. Бу ёғи қизиқ бўлдику?! Узоқдан кўриниб турибди, бир гуруҳ қирғиз миллатига мансуб дўстларимиз бизни ошиқиб, интизорлик билан кутиб турибди. Бу ҳолат худди минг йилги қадрдонларни кутиб олаётганга ўхшар эди. Аста-секин машинадан тушиб боряпмиз, мезбонлар бизни қулоч очиб, илиқ табассум ила қарши олишяпти, бағрига босиб ҳол сўрашяпти. Бундай самимий учрашувни, тўғриси биз кутмаган эдик. Июнь воқеаларидан кейинги бу икки миллатнинг илиқ учрашуви ҳаммани музлаган қалбини бир лаҳзада парча-парча килиб эритиб юборгандай. Юзларимиздан томган ёшлар ўзимизга бўйсунмас, баҳор ёмғиридай шошилар эди. Балки бу қалбимиздаги муздир?! Улар тошқин сойдай қалбимиздан чиқиб кетгандир?! Нима бўлса ҳам яхши бўлди, бизда ажиб бир туйғу пайдо булди, бу — дўстлик, ватандошлик, самимийлик туйғуси эди.

Кеч тушиб, ҳаммамиз бир дастурхон устида йиғилдик. У ерда биз танишдик, кулишдик, дам олдик. Узоқ сафарнинг бутун чарчоғи бизни тарк этди. Қизлар ва ўғил болалар бўлиниб дўстларимиз хонадонларига жўнадик. У ерда бизни бутун оила аъзолари ухламай, очик чеҳра билан қарши олишди. Уларнинг муносабати баҳор қуёшининг тафтидай ёқимли, соғинчли туюлди. Биз улар билан узоқ вақтгача урф-одатларимиз, ота-оналаримиз, мактабимиз ҳақида сухбат қилдик.

2

Сафаримизнинг иккинчи куни ёзувчи Чингиз Айтматовнинг Шакар овулига саёҳат уюштирилди. Биз у ерга яёв босиб бордик. Ота-оналар комитетининг раиси Хусанбой ака Айтматовнинг туғилган ерига марафон уюштирди. Финишда бизни ёш ўқувчилар, қишлоқ аҳли, энг қувонарлиси ёзувчининг укаси Ильгиз Айтматов кутиб олди. Марказда жойлашган Ч. Айтматов музейини зиёрат қилиш биз учун ҳам муҳим, ҳам кувончли бўлди. Эсдалик учун расмларга тушдик, сўнг барчамиз ёзувчининг «Очиқ осмон остидаги музей»ини кўришга ошиқдик. Ильгиз Айтматов у ерда бизга ўз оиласига тегишли қизиқарли воқеаларни, ака-ука ўртасидаги муносабатларни, ёзувчи ҳаётининг сўнгги йиллари ҳақида гапириб берди. Бу маълумотлар биз учун катта аҳамиятга эга бўлди.

3

Дуйшен оғанинг илк мактаб биносини, Олтиной билан кечиб ўтган тошлоқ сойини кўрар эканман, мен чинакамига Чингиз Айтматов дунёсига кириб келдим. Олтиной ва Дуйшен оғанинг кўш тераклари ҳамон кад кўтариб ўсмоқда, демак уларнинг орзулари барҳаёт. Бу манзара мени жонлантирди: «Мана, Дуйшен оға, биз сиз орзу қилган ўқувчилар теракларингиз остида турибмиз, биз сиздан миннатдормиз. Сизнинг орзуларингиз рўёбида ўқимоқдамиз, мактабларимиз кенг, ёруғ, дарсликларимиз бор , «Олтинойлар» сафи купаймокда. «Ок кема»нинг орзулари амалга ошмокда…

Барчиной Ишанхонова

One clap, two clap, three clap, forty?

By clapping more or less, you can signal to us which stories really stand out.