Инглизчани мустақил ўрганиш

Мен, Бобир Исмоилов, бир неча йилдан бери яқинларимга уй шароитида инглизча ўрганишларига ёрдам бериб келаяпман. Ўзимга қизиқ ва яқин соҳа бўлгани учун, ismoilov.com блогимда тил ўрганишга дойир фикрларимни билдиргандим.

Ишончим комил-ки, ҳозирги кунда инглизчани инсон мустақил ўрганиши мумкин, хоҳ онлайн, хоҳ китоб ва дарсликлардан фойдаланиб.

Ушбу Zaytuna.Club лойиҳасида турли тил ўрганиш ва ўргатишга алоқадор ресурсларни жамлаш ниятим бор.

Керакли ресурслар республикамизнинг барча жойларида мавжуд. Интернет тармоғи бўладими, китобларми… Барчаси муҳайё.

Инглиз тили ва бошқа бир қатор тиллар бўйича ресурслар, шу жумладан рус тилига тегишли материаллар ҳам, Интернетда кенг тарқалган — видео дарсликлар, китоблар, тил ўрганиш сайтлари ва ҳоказо.

Ёш болалар билан ота-оналари машқ қилишлари мумкин. Бу ўринда, катталар ўзлари инглизчани билишлари шарт эмас.

Қоларвеса, мустақил ўрганиш катта ёшдагилар учун ҳам қулай. Ишли одамга ўқув курсларга қатнаш, репетитор билан шуғулланиш малол келиши мумкин. Лекин бўш вақтида, кунига 15–30 дақиқа сарфлаб, смартфони орқали ёки бошқа шаклда инглизчадан анча саводини чиқариб олиши қийин эмас.