Яшаш санъати

Behzod Mamadiev
5 min readFeb 1, 2014

“Аҳоли маълумотлари бюроси” маълумотига кўра, ер юзида ҳаёт бошлангандан бери яшаб ўтган инсонлар сони 100 миллиарддан ортибди. Айни пайтда етти миллиарддан зиёд одам кўҳна сайёрада ризқини териб юрибди.

Ёшу қари, бой-камбағал, эркагу аёл, заиф ва бақувват, оқ ва қора, гўзал ва хунук – булар одам зотини таснифлаш мумкин бўлган тоифалар. Ижтимоий мавқеи ва зоҳирий сифатлари ранг-баранг бўлган барча инсонларни боғлаб турувчи умумий бир жиҳат бор. Бу уларнинг ақлли мавжудот экани.

Аммо буни ҳам баҳсли дейиш мумкин. Чунки ақл нисбий тушунча. Ҳайвонда ҳам ризқ топишга етадиган ақл бор. Айримлар томонидан инсоннинг аждоди унвонига лойиқ кўрилган маймун ҳатто қулоқдаги кирни тозалашни, бит теришни билади. Ҳаёт учун курашда керак бўладиган қобилият танасида қон оқаётган ҳар бир мавжудотда мавжуд.

Назаримда, инсон ва бошқа махлуқлар орасидаги асосий фарқ одам зотининг қандай яшашни билишида. У нима учун яшаётганини билади; қилаётган ва қилмаётган ҳар бир ишида маъно кўради; бу ишларнинг тўғри ёки нотўғри экани ҳақида унинг ҳукми бор; яшашдан мақсади бор.

Ҳаёт нима?

Ҳаёт бу, оддий қилиб айтганда, инсоннинг кундалик турмуши. Аксариятимиз бу мавзуда маиший ҳаётдан у ёғини кўра олмаймиз.

Эрталаб турганда музлатгичда нонушта учун сут ва тухум бўлса, ювиниш хонасида иссиқ сув оқиб турса, қишнинг изғирин кунида кўчага чиққанда юпун кийимдан суягимиз зирқирамаса, ҳаётимиз гўзал.

Ишимиз бор, ойлик маошимиз рўзғор тебратишга етиб турибди. Бошимда томи ёпиқ кулбам, уйимда озиқ-овқатим, иссиқ кўрпа-тўшагим бор; танам соғлом, оилам, бола-чақам ёнимда, ҳаммаси жойида; яна нима керак? Бу ўртаҳол, оддий бир инсоннинг фикрлаши.

Ҳақиқий ҳаёт нима?

Фақат тирикчилик ғамида яшар эканмиз, унда бошқа жонзотлардан нима фарқимиз бор? Ҳовлида мудраб ётган кучук, далада дон тераётган чумчуқ ҳам иссиқ жой, ширин таом илинжида яшамаяптими?

Одамни яшашга ундайдиган, руҳлантирадиган нарса бу унинг ҳаётдаги мақсадидир. Ўқувчи мактабда тиришиб ўқияпти, чунки у ўзи истаган олий ўқув юртига киришни ният қилган. Олий ўқув юртида ўқишдан мақсад эса яхши иш топиш. Яхши ишга эга бўлган одам яхши даромад топади. Маблағи бор одам уйланади, бола-чақа қилади.

Уйингиз бор, яхши ишингиз бор, оила қурдингиз, бола-чақа катта бўляпти. Эндиги мақсадлар нима? Навбатда шу бола-чақани ўзингиз босиб ўтган ҳаёт йўлига тайёрлаш турибди. Бу авлодлар ўртасида мунтазам айланиб турадиган ҳалқасимон ҳаёт йўли. Шу маиший ташвишлар билан қариганимизни ҳам сезмай қоламиз.
Одамнинг имкониятлари ошган сари орзу-ҳаваслари доираси ҳам кенгайиб боради. Пул орттирсангиз, машина оласиз, квартирани ҳовлига алмаштирасиз. Шу иккисининг ўзида танлов имкониятингиз қарийб чексиз. Ҳамёнга қараб, машинаю ҳовли-жойнинг “енг зўр”ларидан олишингиз мумкин. Имконияти ошган сари, одам зотининг ранг-баранг дунё лаззатларидан татиб кўришга нисбатан хоҳиши ҳам ўсиб боради.

Аммо муаммо шундаки, мазалар одам таъбига тез уради. Йиллардир, “Матиз” ҳайдаб юрган таксичи “жонига теккан” уловини “Спарк”ка алмаштириш орзусида юрибди. Тагида “Е-тоифа Мерседес”и бор одам кўп этмай “С-тоифа”сидан ҳайдагиси келади. Гиёҳванд одам борган сари юқорироқ “доза”даги адреналинга эҳтиёж сезганидек, одамзотнинг нафси бир неъматга тез тўйиб, янгисини истаб қолади.

Хуллас, 50-60 йил давомида узоқ машаққат чекиб йиққан нарсаларимиз кўп ўтмай медамизга тегадиган ўткинчи ҳавасларга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Алал-оқибат, топадиганимиз “мазаси” узоққа чўзилмайдиган ҳузур бўладиган бўлса, 50 йиллик умримизни, энергиямизни шу натижа учун сарфлаш ўзини оқлайдими?

Руҳий қониқиш ва ҳузурланишга эришишнинг яна қандай муқобил йўллари бор?

Туғилган кунида дадасидан ўйинчоқ машина олган 10 яшар боланинг қувончи ҳозиргина салондан янги “BМW” машинасини ҳайдаб чиққан 40 ёшли одамнинг қувончидан кам эмас. Далада тер тўкиб меҳнат қилаётган деҳқоннинг тут тагидаги тошлоқ ерга чўзилиб пинакка кетишдан топган ҳузури етти қават партўшакда ором олаётган одамникидан аъло бўлиши мумкин. Муҳими, шу қувончни, ҳузурни топа олишда. Бу эса фақат моддий воситаларга боғлиқ эмас. Зотан, ҳузурланишнинг ўзи руҳий ҳодисадир, моддий ёки жисмоний эмас.

Қандай яшаш керак?

Бу, инглиззабонлар тили билан айтганда, “миллион долларлик” савол. Чунки яшаш ҳақидаги фалсафалар беҳисоб. Ҳар бири ўзини ҳақ, ўзгаларни адашганлар деб билади. Аммо бир-бирига айро тушадиган назарияларнинг ҳаммаси ҳам ҳақ бўлиши ақлга сиғмайди. Демак, уларнинг фақат биттасигина тўғри бўлиши мумкин. Балки ҳеч бири эмасдир?!

Бундан чиқди, қандай яшаш керак, деган саволнинг тўғри жавобини топиш учун миллион эмас, балки миллиардлаб доллар пул сарфласа ҳам арзийди. Чунки саволнинг бир томони охиратга туташ. Абадият масаласи ҳам бор, ахир…

Бу битикда қайси йўл тўғри экани ҳақида баҳс юритиш фикридан йироқман. Ўз эътиқодимни ҳимоя қилиш ниятим ҳам йўқ. Бошимда айланиб юрган айрим жумбоқли қарашларимни яшашдан маъно қидираётганлар билан баҳам кўрмоқчиман, холос…

Атрофга бошқалар кўзи билан боқинг

Эсимизни таниганимиздан бери ўзимиз билан ўзимиз оворамиз. Дунёга ўз “мен”имиз орқали қараймиз. Ухлаганимизда ҳам, кўзимизни очганимизда ҳам доим шу “мен”ни ўзида ортмоқлаб юрган бир вужуд ичидамиз. Бундай тирик вужудлар, “мен”лар эса ер юзида етти миллиарддан ортиқ. Ҳозиргача эса уларнинг 100 миллиардан ортиғи ўлиб кетди. Ҳар бири дунёни ўзи учун яралгандек, ўлмай узоқ яшайдиган маскандек кўрган эди. Аммо уларнинг аксарияти ном-нишонсиз кетди. Қандай тақдирларни, қандай кунларни бошдан кечирмади улар?! Буни ҳеч ким эсламайди бугун, эслашни ҳам истамайди…

Юз йил аввал бу ёруғ дунёда сизнинг ёшингиздаги ёш йигит қизлар бир-бири билан кўз уриштириб ҳаёт завқини суриб юрган эди. Бугун уларнинг ҳеч бири орамизда йўқ. Орадан юз йил ўтгач, агар дунё турса, яна шундай бошқа навқирон йигит-қизлар худди шу ташвишлар, ширин орзулар блан яшаётган бўлади. Улар орасида биз бўлмаймиз. Номимиз ҳам, нишонимиз ҳам бўлмайди. Роппа-роса юз йил аввал Беҳзод отлиқ бир одам улар ҳақида ўйлагани, ёзгани уларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмайди. Аммо ҳаёт давом этади.

Ҳар бир одам алоҳида бир дунё. Демак, етти миллиарддан ортиқ дунё бор, ҳаёт бор бу борлиқда. Кўчадаги уйсиз тиланчининг дунёси президент Барак Обаманинг борлиғидан тор эмас. Ҳар бири бу тирикликдан имкон қадар кўпроқ улуш олиб яшашни истайди. Ҳар бири ўз даражасида туганмас орзу-мақсадларга эга, чунки руҳият бир хил. Одам табиатан бир хил оламга мансуб, руҳнинг асоси бир.

Ҳаёт ана шундай жумбоқли. Етти қават партўшакда ухласак ҳам, бир қават пўстинга ўралиб ётсак ҳам, тонг отаверади. Чойхона-палов тановвул қилсак ҳам, совуқ сувга қаттиқ нонни бўктириб есак ҳам, қорин тўяверади. Икки одамнинг юзига ёки қорнига қараб, қайси бири шоҳона тушлик қилганини айтиб бера олмайсиз.

Нега биз дабдабали ҳаётни севамиз? Чунки кўпимиз руҳий ҳузур-ҳаловатни фақат моддий тўкинликда кўрамиз. Аммо қотган нондан ҳузур-ҳаловат топаётганлар қанча?!

Хулоса

Ҳазрати инсон, пайғамбар Муҳаммад (САВ) ҳақиқий бойлик молнинг кўплигида эмас, балки қаноатдадир, деб айтган. Қаноат ҳақиқий ва доимий ҳузур-ҳаловат калитидир. Чунки қаноат қорин ёки жасаддаги калория сонида эмас, балки руҳиятда ҳис қилинади.

Бундай қаноатни ҳис қилиш учун эса ҳаётнинг асл маъносини билишингиз керак. Шунда яшашдан мақсад фақат танадаги вазнга вазн қўшиш эмас, балки яратилиш сабабига риоя қилиш эканини англайсиз. Мана шу англашни ва унга риоя қилиб умр кечиришни мен яшаш санъати деб атайман.

Киммиз? Қаердан келдигу, қаерга кетяпмиз? Миллиардлаб одамлар замонлар оша ўтиб бораётган туннелнинг нариги томонида нима бор? Инсон ақли ҳис қила олмайдиган даражада кенг коинотда, заррадек ҳажмга ҳам эга бўлмаган ер устида яшаётган ва танасига тинимсиз ишлов бераётган “мен”нинг вужудидаги, борлиғидаги бу қадар бежирим ва мукаммал мутаносибликнинг ижодкори ким? Булар диндорни ҳам, даҳрийни ҳам бирдек ўйлантирадиган саволлар.

Бу саволларнинг жавоби устида ҳар бир инсон бош қотириши керак.

--

--

Behzod Mamadiev

Software engineer, journalist, blogger and tech enthusiast